четверг, 31 мая 2018 г.

Вазни ўзгарган вазмин 
        Ўзбек тилида товушларнинг бир-бирига таъсир кўрсатиши кўп кузатилади. Айрим ҳолларда ёнма-ён келган товушлар мослашади. Йигитча сўзини йигичча деб айтамиз, уч сўмни уссўм деймиз. Айрим сўзларда кетма-кет келган, жойлашуви талаффузимизга ноқулай бўлган товушларни дарров ўзимизга мослаштирамиз: қулф (аслида қуфл), тескари (аслида терсаки), кифт (аслида китф), ёмғир (аслида ёғмур) ва ҳоказо…
       Вазмин сўзи пешонасига ҳам шундай тақдир “ёзилган”. Аслан оғирлик, ўлчов каби маъноларни англатадиган вазн сўзи вазмин сўзининг асоси. Аммо даврлар ўтиши билан н ҳарфи м га жой бўшатиб берган – аслида вазнин бўлиши керак. Аммо шакл ўзгариши мазмунга таъсир қилмаган. Асл маънодаги оғирлик ўз семаси (маъно-мазмун)ни йўқотмаган ҳолда, бугунги кунда кўчма маънода оғир-босиқ, ўйлов билан иш тутадиган, салобатли деган мазмунни ифодалайди.
Пақирнинг миси чиқди
        Ушбу рўзғор буюми челак, сатил ҳам дейилади. Пақир сўзи ҳақида бир кун бир даврада баҳс кетиб қолди. Бир киши пақирни фақир сўзи билан боғлиқ бўлса керак, чунки, болапақир деймиз, авваллари асосан ёш болалар сув олиб келган, деб қолди. Даврада кулги кўтарилди. Кимдир маъқуллаган бўлди…
       Шундай одатим бор, бирор сўзни эшитиб қолсам, тарихини қидираман, турли вилоятлардан келган таниш­ларимдан уларнинг шеваларида қандай аталишини сўрайман. Йиғилган сўзларни қарасам, ўндан ошган бўлади. Тарихи ва асл маъносини тополмай, чалкашиб кетаман-да, қўл силтайман. Лекин барибир хотиранинг қайсидир бурчида ўша сўз сирлигича қолиб кетган бўлади. Кейин кутилмаганда ўша сир очилиб қолади…
       Пақир сўзи ҳам шундай очилмаган қўриқ эди. Ҳозирги челаклар асосан тунука ёки сирланган темирдан ясалади. Илгари-чи? Қадимги туркий халқларда челакка ўхшаш ичи чуқур идишлар асосан мисдан ясалган шекилли, аждодларимиз уларни бақыр дейишган. Аввал мис, кейинчалик мисдан ясалган идишлар бақыр деб ифодалангани Кошғарий бобомиз луғатида ҳам, 1989 йили нашр қилинган “Этимологический словарь тюркских языков” китобида ҳам қайд этилган.
Жувон – йигит дегани…ми?
       Биз томонда тўйларда хиром қиладиган раққоса – ўйинчини негадир жувон дейишади. Адабий тилда турмушга чиққан ёш аёл маъносида қўлланувчи бу сўз нега айнан ўйинчиларга нисбатан айтилишига негадир ҳайратланганман. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас…
       Жувон сўзи форс-тожик тилидан ўзлашган бўлиб, 1954 йили нашр қилинган «Таджикско-русский словарь»да бу сўз сўзлашув тилига хос дейилган ва жавон сўзига ҳавола берилган. Бизнинг тилга ҳар иккаласи ҳам қабул қилинган. Жувон мазкур луғатда икки маънода – сифат тарзида «ёш» ва от тарзида «йигит» деган маънода изоҳланган. Жавонмардлик деганда ёш ва навқирон йигитларга хос олий ҳимматлилик, саховатпешалик тушунилган. Ёшлигида умри поёнига етган йигитга нисбатан жувонмарг (ёки жавонмарг) бўлибди дейилган. 
       Ўша луғатда жавондухтар ёш қиз, жавонзан эса эрга теккан ёш аёл маъносида қўлланиши ҳам қайд этилган. Демак, жавон сўзи духтар (қиз) ва зан (аёл) сўзлари билан бирга қўллангандагина хотин-қизларга нисбатан ёшлик маъносини ифодалаган. Бора-бора бу сўзлар талаффузида қисқариш юз бериб, духтар ва зан сўзлари тушиб қолган – қисқагина қилиб аёлга ҳам жувон дейишган. Тақдирни кўрингки, борини аёлга бахшида этиб келган олийҳиммат йигит – жавонмард битта сўзни ҳам «ҳадя» қилди. Ўзи мардлигича қолди, аёли жувонга айланди.
        Сўзнинг олов деган маъноси ҳам борлигини биласиз. Ҳақрост! Бу руҳимизга қувват беради. “Сўзнинг гулханида руҳим исинди”, деган эди Рауф Парфи. Айрим сўзларнинг йиллар шамолида ўчиб қолиши ҳам бор гап. Фақат тилшунос олимлар эмас, ўзбекман деган ҳар бир одам ўз тилимиз, ўз сўзларимизни ардоқлаб, уларнинг йўқолмаслиги ва келажак авлодга етиб бориши йўлида виждонан хизмат қилиши керак. Шундагина ота-боболаримиздан қолган маънавият алангаси ҳеч қачон сўнмайди.

среда, 30 мая 2018 г.

РЎЙХАТЛАР ДУНЁСИ
          Аллоҳ таоло бутун махлуқотни ўзига маълум бўлган ададда бунёд қилди, уларнинг умрини ҳам ўзи белгилади; дунё яралганидан то Қиёматгача қанча лаҳза бор – бу-да Ўзининг ҳукмида. Қисқа қилиб айтганда, юқоридагиларнинг бари – Яратганнинг азалий ҳамда абадий РЎЙХАТИда қайд қилиб қўйилган...
***
        У туғилиши билан р ў й х а тга олинади: фалон йилнинг фалон санасида дунё юзини кўрди: хуш келдинг р ў й х а тлар дунёсига!
       У дарров ҳайратланди: бу дунё ҳам нариги дунёнинг кўчирмасими дейман. У ёқда ҳам катта р ў й х а т бор, Лавҳул маҳфуз дейилади. Бу қанақа р ў й х а т?
       Буми? Бу – р ў й х а т дафтаримиз, ердаги Лавҳул маҳфуз. Сени ёзиб қўйдик. Бундан кўчирма қилиб, сенга мана буни берамиз.
        Нима бу?
        Бу – гувоҳнома. Туғилганлигинг ҳақида.
        Ие, туғилганимга шунча одам гувоҳ бўлди-ку! Шу етмайдими?
        Азиз меҳмон, дейди мезбон, бу Ерда фақат қоғозлар инобатга олинади. Одамларнинг гувоҳлиги сариқ чақа!..
       Туғруқхонадан катта дабдабаю асаса билан чиқади. Уйига бориб, бешигига энди ўргандим, деганда у яна р ў й х а тга тиркалади: эмланиши керак. Беш кунликда, бир ойликда, уч ойликда, ёшига етганда...
       У уйига бахт опкелганди. Қўлдан қўлга ўтиб, барчанинг лабига юз тутарди. Сал улғайиб, мустақил қадам ташлади, тили чиқди. Кейин уни ота-онаси боғчага қўйди: у ерда ҳам р ў й х а тга ёзишди: 15. Фалончиев Писмадончи. Ушбу р ў й х а тдаги рақам боғчадаги барча кунида “таъқиб қилди” – 15-стол, 15-кроват, кийимлари 15-бўлмада...
      Еттига етиб, мактабга чиқди. У ерда ҳам уни р ў й х а тга олишди. Мактабни битиргунига қадар р ў й х а тда турди:
      Фалончиев дарсга ўз вақтида келяптими?
      Ҳа!
      Ўзлаштириши дурустми?
      Дуруст!
      Дарсдан қочиб кетгани йўқми?
      Умуман!
      Ремонтга пул бермаганлар р ў й х а тида йўқ эмиш!?
     Оилавий шароити сал ночорроқ экан...
     Шундай мамлакатда-я?!
      Эшитишимча, оиласи кам таъминланганлар р ў й х а тида тураркан.
      Хўш, дейди мактаб директори, сиз синф раҳбари сифатида боринг-да, шу ўқувчингизни қишки мактаб форма олиши учун муовинга р ў й х а тга ёздиринг! Кам таъминланган бўлса...
      Хўп!
      Мактабни яхши баҳоларга битириб, университетга ҳужжат топширади. Биринчи уриниш самарасиз бўлади. Иккинчи йилга яна жаҳд билан ўқийди. Тағин бу галги уриниш ҳам натижасиз бўлади. Сўнг кутилмаганда уйига хат келади: “Фалончиев Писмадончи, йигитлик бурчингизни ўташ учун ҳарбий хизматга чақирилдингиз”. У эртасигаёқ “ваенкамат”га боради. Масъул одамни топиб, хонасига киради. Сариққа мойил, қотмадан келган киши хона деразасидан осмонга тикилиб ўтирарди: гўё осмондан иккита юздуз олиб, иккала кифтига қўйса...
       Ўртоқ камандир, дейди қалтираб, икки йил ўқишга киролмадим, бу йил ҳам ҳаракат қилиб кўрмоқчиман, шунинг учун... шу йил бир амаллаб хизматдан қолай...
      Иложи йўқ, братишка. Хизмат қилишга мажбурсан!
      Биламан, камандир. Агар бу йил ҳам киролмасам, ўзим хат бормасидан олдин келаман олдингизга.
      Ҳар йили шунақа ваъдалар бериб, юзлаб бола алдайди...
      Йўқ, рост гапиряпман, дейди зорланиб.
      Қуруқ қошиқ... ўқиган бўлсанг, давомини айт-чи, дейди юлдузсевар командир. ...Оғиз йиртар. Майли, ўқишга топширавер, қаршилигим йўқ, аммо ундан олдин мана бу р ў й х а тга қўл қўясан.
      Қанақа р ў й х а т?
      МПР деган нарсани биласан-а? Бир ойлик ҳарбий хизмат. Ўшанга кетасан. Пулини тўласанг бўлди, олам – гулистон. Ўқишни битириб, бир ойга бориб келаверасан.
      Бошқа иложи йўқми, камандир? Келмасам ҳам бўларди, лекин... ваенкаматни ҳурмат қилиб келдим.
      Командир илжаяди: ҳозир келмасанг ҳам, имтиҳон олдидан келардинг армияга олиб кетилмайди, деган мазмундаги печат учун. “Атстрочка”ни биласан-а?..
     Суҳбат шу жойида тугайди. Шундай қилиб, у яна р ў й х а тга тушади. Лекин сал ўтмай кўнглини кўтарадиган воқеа содир бўлади – у талабаликка қабул қилинади. Талабаликда бор кучини сарфлаб, билим олади. Яхши-ёмон дўст орттиради. Ҳаётни ўрганади. Одамларни...
       Кейин биладики, университетида билимга бериладиган баҳо пулга сотилар эди. Олти ой тинмай ўқийди-да, имтиҳонга келганида ўқитувчи гуруҳ сардори орқали пул сўрайди: “3” га ...минг, “4”га ...минг, “5”га ...минг.
        Ие, дейди ҳайратланиб, шунча ўқиб, тағин пул ҳам берамизми? Мен бир тийин ҳам бермайман!
       Ҳамма беради, сенинг шохинг борми? Бермайман деб, жанжал қилсанг, овоза бўлиб кетади, кейин домлага етиб борса, жаҳли чиқади-да, ҳаммамиз имтиҳонда қийнайди, дейди бир нечта оғизлар.
       Бер, деса, беравериш керакми? Мен бермайман. Ўзим бориб, домла билан гаплашаман, дейди ғазаб билан.
       Хуллас, жаҳл уни домласининг олдига етаклаб боради, ва дейдики, домлажон, мен шунча ўқиб, сизга пул беролмайман, очиғи бер-май-ман. Сабаби, сизга давлат пул беряпти. Афсуски, мен давлат эмасман!
       Давлат бўлолмайсан ҳам, болам, мийиғида кулади ўқитувчи, бўлмаса сени алоҳида, камиссия билан имтиҳон қиламиз. Зўр бўлсанг, ўшанда “5”ингни оласан!
       Мен ҳамма қатори имтиҳон топшираман, дейди у. Тортишувларнинг охири “сан-ман”га боради. Хонанинг бир бурчида рейтинг дафтарчаларини тўлдириб турган бошқа бир талаба жанжалга аралашади: устозга овозингни кўтарма!
      Кўряпсанми, Давлатжон болам, дейди ўқитувчи ўша боланинг таскинидан хурсанд бўлиб унга тикиларкан, сенинг гуруҳингда ҳам бор бунақалар.
      Кейин ўқитувчи жаҳл билан сумкасини кавлаб, бир қора дафтар чиқаради. Ўртасини очиб бир нималар ёзади. Бизнинг қаҳрамон бўй чўзиб қарайди – унинг исму шарифи қанақадир р ў й х а тнинг давомига ёзилади...
       Шу пайтгача расмий р ў й х а тларга кирган йигит ҳаётидаги илк норасмий р ў й х а тга қўшилди. У ўқиш давомида бундай р ў й х а тларнинг бирор уч-тўрттасига киради. Бошида парво қилмайди, аммо кейин бу р ў й х а тлар ўзининг кўринмас кучларини намойиш қилади – р ў й х а тларнинг эгалари декан, декан муовини, проректорга айланишади...
       Ўқишни тугатиб, газетага ишга киради. Бир муддат ишлаб, боқдики, чор атроф ёлғон, рост гап йўқ, алқовлар замони. Йўқ, дейди ўзига ўзи, ёлғон билан яшаб бўлмайди. Рост ёзмоқ керак!
      Шундай ўйлар билан ҳақиқатни ёза бошлайди. Ў, биродарлар, деб ёзди, болалар мактабда эмас, пахтазорда юрибди, дарсни зўр ўтадию, аммо тайёрлаши керак бўл(ма)ган сон-саноқсиз ҳужжатларнинг биттаси чала бўлгани учун ўқитувчининг ойлигидан қирқишяпти, газ трубаси кесиб кетилганига икки йил бўлган оилага “Газдан қарзингиз бор”, деган хат келяпти, фоҳишалар кўприклар тагида, гавжум дарахзорлар орасида тўп-тўп ўтиришса, кўрмаганга оламиз-у, номус, иффат, тақво сабаб рўмол ўраган қизларни сўроқ-саволга тутяпмиз, телевидение орқали турли бемаза, беҳаё, бетайин, бесубут ва яна бирқанча бе... бўлган қўшиқ, кино ва шоулар кўрсатамиз-да, кейин ёшларимиз бузилиб кетяпти, китоб ўқимай қўйди, деб ваҳимага тушяпмиз...
        Мақолаларни бош муҳаррир олдига олиб киради, ул зоти шариф ҳар бир мақоланинг охиридаги “Кўзимизни каттароқ очайлик”, деган жумлаларни ўқиб, унинг ҳам кўзлари каттароқ очила бошлайди. Очилади-да, ука, дейди сўлиш тортиб, сиз нималар деяпсиз? Қайси замонда яшаяпсиз ўзи? Мустақил бўлганимизга фалон йил бўлди, фалон ишлар қилинди, фалон давлатлар билан фалон милён ажнабий пулида шартномлар имзоланди. Юз йилда қилинмаган ишлар мана шу қисқа даврда амалга оширилди... Бу гапларни эшитиб, ёш журналист раҳбар янги мақоласининг кириш қисмини ўқиб бераётган бўлса керак, деб ўйлайди. Шу ўй билан устоз, мақолаларим маъқулми, дейди. Бўш муҳаррирнинг (бош деб ўқилмасин!) кал бошида қолган уч-тўрт тук тикка бўлади: ука, дейди яқинроқ келиб, биламан, ёшсиз, ҳеч ким ёзмаган нарсани ёзиб, кўзга кўринишни истайсиз. Лекин... ҳм-м-м, ким айтган эди... ҳар бир рост гап ҳам айтгулик эмас.
       Ахир, дейди ёш журналист оғир ютиниб, ўзингиз ишга келган пайтимда “биз ёшликда ёлғон ёздик, энди сизлар бизнинг хатони қилманг, рост гапиринг, рост ёзинг” дегандингиз-ку!?
       Рост гапиринг дегани сиёсатга қарши чиқинг, дегани эмас-ку, деб кўзларини ола-кула қилади. Бироз қизаради. Бу гапдан кейин ёш ходимнинг тили калимага келмайди, узр сўраб, чиқиб кетади.
       Кейин у ёзганларим ҳавога учиб кетмасин, деб бир-икки таҳририятга боради. Уларнинг бўшлиқлари (бошлиқ деб ўқилмасин!) ҳам ўзининг раҳбаридай қизаради. Кейин яқин таниш-ўртоқлар кел, дейди унга, шуни интернетда эълон қиламиз. Мен уни ишлатишни билмайман-да, дейди уялгандай. Биз ўргатамиз, дейди таниш-ўртоқлар. Хуллас, унинг мақолалари дунёни айланади...
        Бир-икки кун ўтгач, ходимлар хонасига 5-6 ойда бир қадам босадиган раҳбар шитоб билан кириб келади ва айтадики, Писмадончибек, хонамга киринг! У раҳбарга эргашиб, ўнг қўлини боши баробар кулганча кўтариб турган кишининг сурати деворга илинган хонага киради.
        Бу одам қилаётган ишларга қаршимисиз, дейди бўшлиқ-бўш муҳаррир девордаги расмга ишора қилиб.
       Астағфирулло, нега ундай деяпсиз, устоз, дейди қўрқиб.
       Мақолаларингиз бўлмайди, дегандим, гапимни бир тийинга олмай, уни интернатда эълон қилибсиз?
       Мен ҳеч қайси интернатга бормадим, устоз!?
       Қайсидир сайтда эълон қилибсиз, менга шунақа дейишди акалар!
       Шу ерда ёш журналист бўшашиб қолади. Ука, дейди раҳбар, ҳамма гапни ҳам айтиб бўлмайди, ўйлаб иш қилинг, унақа мақолалар билан одамлар ўртасига ваҳима солманг. Қора р ў й х а тга тушсангиз, чатоқ бўлади. Эҳтимол тушгандирсиз...
       Яна қанақа р ў й х а т, дейди у, аммо бу гапни овоз чиқариб айтдими, ичидами, ўзи билмайди.
       Уч-тўрт кун ўтиб, таниш-ўртоқлар айтишадики, дўстим, бир-иккита таниш акалар айтди, р ў й х а тга тушганмишсан, кўзингга қараб юргин...
       Кейин ота-онаси қистови билан уйланади, улар тузган р ў й х а тдаги қизлардан бирига кўнгил қўяди, сўнг тўйлари бўлади. Бола-чақа орттиради, фарзандлари ҳам турли (бешигу) р ў й х а тлар ичида улғайди. Лекин бир р ў й х а т уни саросимага солади. Кунларнинг бирида ўғлининг ўқитувчиси айтадики, саккизинчидаги ўғлингиз дарсдан кейин уйга бормай, масжидга хуфтон номозини ўқиш учун борибди, мактаб ўқувчиларининг масжидга бориши динда ҳам йўқ экан. Бизда мажлис бўлиб, келган имом-домла айтдиларки, болалар масжидда иштонини ҳўл қилиб қўйса, дуруст бўлмасакан, ахир Худонинг уйида таҳоратли бўлиш керак-да...
       Бу гапдан кейин ўйланиб қолади, ўғлини койимоқчи бўлади... Айтмоқчи эдики, хуфтонни уйда ўқиса ҳам бўлади-ку, ўғлим... Шу пайт ажабланади: ўғлим мактабдан ўн икки-бир атрофида чиқса, хуфтон кечки тўққиздан кейин ўқилса... Нега ўғлингиз хуфтонга чиқди дейди!? Довдир, дейди, пешин билан хуфтоннинг фарқига бормаган довдир.
       Шу пайт ўғли кириб келади.
      Дада, дейди оҳиста, қора р ў й х а т нима?
      Юраги тушиб кетгандай бўлади. Нега сўраяпсан, дейди ўғлига дилдираб қараркан.
      Бугун синф раҳбаримиз мен ва бир-иккита болани турғизиб, қора р ў й х а тга тушдинг, деб айтди, дейди ўғил. Қора р ў й х а т нима дегани?
      Ўғлим, дейди ота, дунёда р ў й х а тлар кўп, қизил, яшил, кўк, қора... камалакдек ранг-баранг улар, ўғлим. Одамзот умр бўйи у р ў й х а тдан бу р ў й х а тга ўтиб яшайди... эътибор берма!
      ...Кунлар ўтаверади. Бир неча р ў й х а тларда қайд этилмиш Фалончиевнинг укаси бор эди. Ука ота-онамга оғирлигим тушмасин, уйлансам, ўзим пул топиб уйланай, деган ўй билан чет элга кетади. Кимнингдир гапларига учиб, турли оқим(у селларга) қўшилиб кетади. Тегишли жойлардан одамлар келиб, суриштиришади (суйиштиришади, уюштиришади). Кейин маҳалла аҳли иштирокида каттадан-катта мажлис ўтказишади. Айтишадики, мана буларнинг ўғли, мана бунинг укаси бузғунчи-террорчи-ишидчи-жиҳодчи-миллатчи-жадидчи... хуллас, неки ...чи бўлса бари. Булар унинг тарбиясига қарамаган, оилада маънавий иммунинет бўлмаган, сиз – аҳли маҳалла буларга кўз-қулоқ бўлинг, насиҳат қилинг, тўғри йўлга бошланг... Кейин баландроқ айтишадики, булар энди махсус р ў й х а тда туради. Шунга қараб муомала қилинглар...
       Хуллас, Писмадончибек бор умрини, ўғлига айтгандек, р ў й х а тлар орасида ўтказди. Умрининг охирида ўзи билан ўзи кўп гаплашадиган бўлиб қолди. Бир куни ойнага қараб ўзи билан сўзлашиб анча дийдиё қилди, дунёдан нолиди, умридан... Кейин айтдики, қўй, шайтонга ҳай бер, пешонанг ҳам бир р ў й х а т, унда нима ёзилган бўлса, ўшани кўрдинг. Яхшими-ёмонми яшадинг. Борига шукр қил, нариги дунёга кетар олдидан ҳамма тавбага ёпишади, сен нега куфрга кетяпсан? Яратганнинг қаҳрига учрама... Шу ўйлар билан ўқиётган китобини олиб, мутолаани давом эттирди: “Қиёмат куни Одам ўғиллари қилган барча амаллари ёзилган р ў й х а т – номаи аъмолини қўлига олиб, Яратганнинг олдида сўроқ учун тўпланишади...”
***
      ...Вафотидан кейин фарзандлари барча маросимларни ўтказишди. Бир ўғли унинг қабрига тош қўйдирмоқ учун шу иш билан шуғулланадиган одамнинг олдига борди. Сангтарош айтди: ҳозир бизда заказ кўп, ука, ичкарига киринг, биззи жиян ўтирибди, ўшанга айтсангиз, р ў й х а т дафтарига ёзиб қўяди. Қабртош тайёр бўлгач, ўзимиз хабарини берамиз...

четверг, 24 мая 2018 г.

ТИЛИМИЗ ТИЛСИМИ 


       Инсон тақдиридан қизиқ тақдир бормикан? Йўқ, дейди шошқалоқ одам. Мен ҳам шундай дердим қоғоз-қаламдан йироқ пайт­ларим. Сал ўтиб – қоғоз қоралаб, Сўз деб аталмиш неъматнинг ортидан кун кўра бошлаганимдан бери юқоридаги саволга ҳазир бўлиб жавоб берадиган бўлдим. Жавобим шу: инсон қисматидай ажиб қисмат, ажаб тақдир Сўзда бор. Нега қизиқ бўлмасин?! Етмиш-саксон йил умр кўриб, турли савдоларга йўлиққан одам тақдиридан ажабланамиз-у, минг йиллик тоғу тошлар нураса ҳам, ҳануз яшаб келаётган сўз тақдири қизиқ бўлмайдими!?
      Эшитгансиз, аввали Сўз бино бўлган. Хилқатларнинг Холиқи “Бўл” деган бир сўз билан бутун борлиқни яратди. Ҳазрат Навоий айтади:

Сўз келиб аввали жаҳон сўнгра,
Не жаҳонки, кавн ила макон сўнгра.
Чунки мавжуд бўлса нуктаи “кун”,
Бўлди мавжуд тоза, йўқса кукун.
      
      Яъни, агар “Кун!” – “Бўл!” амри бўлмаганида эди, биз билган ва билмаган бутун яратиқлар тоабад кукун – зарралигича қоларди.
      Ўзбек тили бир неча дарёнинг суви билан тўйинган денгизга ўхшайди – бирда тўлди, бирда камайди. Четдан сўз кириб келиши натижасида кўпгина ўз сўзларимиз истеъмолдан чиқиб кетди. Ёхуд аввал бошқа маънода ишлатилган сўз бир аср ўтар-ўтмас бошқа мазмунда қўллана бошлади. Лисоний хазинамизда туркий сўзлардан ташқари, араб, форс, мўғул, рус ва бошқа тиллардан ўзлашган бир неча минглаб сўзлар борки, улар ҳам ўз сўзимизга айланган. Бунинг натижасида тилимиз энг бой тиллардан бири бўлди. Айрим тилларда бир тушунчани нари борса икки-уч сўз билан ифодалаш мумкин бўлса, бизда кўп сўзларнинг ўнлаб маънодошлари бор.
     Тил тақдирига бефарқ бўлмаган миллатгина узоқ яшайди. Лекин бугунги кунда тилимизга, кундалик турмушда ишлатаётган сўзларимизга эътиборсиз бўлиб қолганимиз ҳам рост. Фақат тил байрамидагина (шу куннинг борлигига ҳам шукр!) “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” сингари мақолларни такрорлаймиз-у, аммо тилнинг соф  яшаши ҳақида ўйламаймиз. Оддий халқ-ку, майли, ҳатто айрим тилшунос олимларимиз ҳам тилимиз тақдирига бефарқ қараётир. Сўзларимиз тарихи ва тақдири, тараққиёти ва таназзули ҳақида Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий каби улуғлардан кейин саноқли китоб яратилди. Булар –  тилшунос олим Алибек Рустамовнинг “Сўз хусусида сўз”, атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл”, севимли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” ҳамда олимларимиз Низомиддин Маҳмудов ва Шавкат Раҳматуллаевнинг айрим рисолалари. Ҳолбуки, ҳозирги ёшлар – ижодкор тенгдошларимиз орасида сўз этимологияси, унинг маъно қирралари ҳақида билим танқислиги сезилаётган пайтда бундай китоблар жудаям зарур. Тилимиз табиати ва софлиги борасида илмий изланиш олиб бораётган ёш тилшуносларнинг ниҳоятда озлиги эса кишини ўйлантирадиган яна бир катта масаладир…
      Устозларга ҳавас қилиб, анчадан бери ўзим учун қизиқ бўлган айрим сўзлар тарихи, баъзиларининг бугунги кунда англатаётган маънолари хусусида нимадир ёзишни ният қилиб юргандим. Қуйидаги битикларимни ана шу ҳавасу ниятнинг маҳсули сифатида қабул қилгайсиз.

* * *
      Охирги бандни ўқиб, кимдир “Шунча гап бежиз гапирилмаган экан-да”, деб айтиши мумкин. Лекин айтаётиб бежиз сўзи нима дегани, деб ўйлаб кўрмагани аниқ. Бе– форс-тожик тилида бирор нимага эга эмаслик маъносини билдиради. Бу қўшимча ўзбек тилидаги -сиз қўшимчасининг ўриндоши: беумид – умидсиз. Қолган қисм аслида чиз бўлиб, тожик тилида “нарса, бирор предмет” маъноларини англатади. Бизнинг талаффузимизда ч ҳарфи ж ҳолида талаффуз қилинади. Тўлиқ таржима қилинганда бу сўз нарсасиз деганидир. Бу гап бежиз айтилмади деган гапда энди маъно сал кенгаяди – бекорга, бирор сабабсиз айтилмагандир деган маънони ифодалаяпти…
Дўстингиз сизга бежиз келма деса, у сизнинг бўш қўл билан келмаслигингизга ишора қилаётган бўлиши ҳам мумкин…


Болаликка қайтарган сўз

      Бухорода болаларнинг “кунжак олди” деган ўйини бор. Беш иштирокчи қатнашади. Ер юзига катта тўртбурчак чизилади. Унинг тўрт бурчагида биттадан иштирокчи бўлади. Ўртада эса битта ўйинчи қолади. У ўзини чалғитиб, бир-бирининг жойига сакраб ўтаётган иштирокчининг жойини эпчиллик билан эгаллаши керак. Жойидан айрилган иштирокчи ҳам худди аввалги қатнашчидек бўш қолган бурчакка эга чиққунча уларнинг жой алмашишларига диққат билан қараб туради.
      Мактабни тугатиб, тўртинчи уринишдагина талаба бўлган мен қишлоқи бола бирдан шаҳарликка айландим: болалик пайтлари қишлоқ кўчаларида ўйнаганимиз ўйинлар эсдан чиқа бошлади, шева сўзларни деярли ишлатмай қўйдим… Иккинчи босқичда ўқиб юрганимизда ҳазрат Навоийнинг ҳаёти ва ижодига доир маърузалар ўқилди. Устозимиз мактаб дарсликларига кирмаган камида йигирмата ғазал ёдлашни тайинлади. Мен Миллий кутубхонага қатнаб, Навоий ҳазратнинг ўн жилдлик китобининг аввалги тўрт қисмидаги ғазалларидан ёндафтаримга ёзиб олиб, ёдлай бошладим. Жумладан, “Ошиқ бўлдим, панд берманг…” деб бошланувчи машҳур ғазалда шундай мисралар бор эди:

Дурд келтурдинг дебон, ёзғирмангиз, эй, аҳли зуҳд,
Бок йўқ, зуҳдим ридосин кунжига солиб сузинг.

      Ғазални ёдлаш билан бирга уни имкон қадар таҳлил қилиш вазифаси ҳам топширилган эди. Аввалбошда тушунилиши қийин бўлган сўзларни луғатдан топиб, ёзиб олдим. Ушбу сўзлар орасидаги кунж сўзи ўша пайтда менга қандайдир қадрдон сўздай туюлди. Бир муддат хотирамни “титдим”. Маъносини тополмадим. Ноилож луғатга қарадим. Карасам – бу сўзнинг маъноси бурчак экан. Шу сўз орқали бир муддат олис болаликка қайтдим… 
Ўзимча тусмолладим: демак ўйинимиздаги кунжак сўзи шу кунждан ясалган. Шундай ҳам бўлиб чиқди. Адабий тил ва кўп шевалардан чиқиб кетган сўз биз томонларда бор экан, деб фахрланган бўлдим. Лекин байтда бошқа маънода қўлланиляпти. Кунж сўзининг бурчакдан ташқари, оғуш, қучоқ, ич каби маънолари ҳам бор. Шоир Ҳабибий бир шеърида шундай дейди: “Нўш этарман аччиғ-аччиғ ҳажру фурқат кунжида, Кўзларимнинг косасида лаб-балаб қон, келмасанг”. Бу ерда кунж сўзи дастлабки икки маънода қўлланган, дейишимиз мумкин. Аммо фурқат бурчагига чекиниб, лаб-балаб қон ютаётган ошиқ бу фикрни инкор этиши ҳам мумкин…


Киприк ва типратикан

      Қишлоқда ёз маҳали кечки овқатни оиламиз билан ҳовлида, сўри устида тановул қилардик. Ҳовлимизнинг икки томонида ариқ бўлар, ариқнинг атрофида турли ўтлар ўсиб ётарди. Деярли ҳар куни шу ўтлар орасидан типратикан биз ўтирган сўри томон пилдираб келаётганини кўрардик. Қўрқмасди, худди ит-мушуклардек бирор нима берармикан, деган илинжда қараб тураверарди. Бизда типратиканни кирпи дейишарди. Нега шундай, деб сўрардик. Билмадим, бизнинг шевада шунақа бўлса керак, деб жавоб берарди катталар. Ростдан ҳам, китобларда, радио ва телевидениеда бу жонзотни фақат типратикан деб аташарди.
Университетнинг биринчи босқичида таҳсил олиб юрган пайтларимиз. Адабиёт тарихи фанидан “Девону луғотит турк”ни ўқиш вазифа қилиб берилди. Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида жойлашган Республика халқ таълими марказининг яхшигина нодир кутубхонаси бор. “Девону луғотит турк”ни излаб шу кутубхонага бордим. Кутубхоначи аёл ярим соатча қидириб, учта катта китобни олиб чиқди. Ўқиш тугул, анчадан бери чанглардан тозаланмаган луғатни аста варақладим. Варақлаётиб, кирпи сўзини учратиб қолдим. Қарасам, типратикан деб изоҳ берилган экан. Демак, соф туркий сўзни биз ишлатар эканмиз-да, деб қувониб кетдим.
     Луғатда кирпи сўзига “кўп тикан” деган изоҳ берилган. Демак, санчиладиган тикани бўлгани учун типратикан шундай аталган экан. Ҳозир киприк деган сўзимиз ҳам аслан шу сўз – кирпи билан ўзакдош.
      Ҳазрат Навоий бир ўринда шундай дейди:

Ваҳки, ҳар кирпиги бир ништар эрур заҳролуд,
Гарчи бор ул ики наргисда шакархоб тўла.

      Вақт ўтиши натижасида сўзда метатеза ҳодисаси (товушларнинг ўрин алмашиши) юз берган: кирпик – киприк. Қозоқ қардошларимиз ҳозир ҳам кирпик дейишади. Демак, киприкларимиз ҳам тиканга ўхшагани учун шундай аталган бўлиши ҳақиқатга яқин.


Давоми бор...


Ассалому алайкум!

Яхши ният ила шахсий блог очдим. Турли кўринишдаги ижодий ишларни эътиборингизга ҳавола қилиб бораман.